06/08/2026
Наманганда Қирғиз Республикасининг тадбиркорлари билан G2B ва B2B учрашувлари ўтказилди
Аввал хабар берганимиздек, Наманган вилоятига Ўзбекистон Республикасининг Қирғиз Республикасидаги Ўш шаҳри Бош консули Зафарбек Аҳмедов бошчилигидаги 30 нафар фаол тадбиркордан иборат делегация ташриф буюрган эди.
Ташрифнинг якуний қисмида вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси мажлислар залида делегация аъзолари, маҳаллий тадбиркорлар ҳамда тегишли ташкилотлар ва идоралар вакиллари иштирокида G2B (давлат ва бизнес) ҳамда B2B (бизнесдан бизнесга) форматларида музокаралар ташкил этилди.
Учрашувларда икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, экспорт-импорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, ҳунармандчилик ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида тадбиркорлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш юзасидан фикр алмашиб, қатор келишувларга эришдилар.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатлар, шунингдек, ҳудудлараро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.